Главная » 2016 » Июнь » 16 » Bolalarni burchlariga qarab tabriklaymiz !!!
10:14
Bolalarni burchlariga qarab tabriklaymiz !!!





 
Ҳар бир бола ўзича бир олам! Тўғрими? Бир қориндан талашиб тушган дилбандларингизга алоҳида муносабат қилишга тўғри келади. Нега? Бунда «юлдуз»ларнинг қўли бормикан? Келинг, фарзандингиз қайси бурж остида туғилганига қараб, феъл-атворини аниқлаймиз!
 
Чаққон «ҳамал»
 
(21.03-20.04)
 
«ҳамал» болакайлар бошқаларга қараганда тезроқ юришади ва гапиришади. Шунинг учун уларни бошқариш бироз қийин. Қайсаргина, қизиқувчан ва жиззаки бўлишади-да. Айниқса, оналарга сабр ва сабот ҳамроҳ бўлиши керак. Доим эътибор исташгани сабаб сал нарсага уввос солиб йиғлашади. У ота-онаси ҳаётида биринчи рақамли шахс ўзи эканлигини исботлашга уринади. Фарзандингизни доим нима биландир банд қилинг. Ғайратлари тўлиб-тошганидан бир дақиқа ҳам тинч ўтирмай, бир муаммони бошлаб қолишмасин тағин.
 
Эркатой «Савр»
 
(21.04-20.05)
 
Болажонингиз шу бурж остида туғилганми, сизни табриклаймиз! Ахир у жуда босиқ, гапга кирувчи-да. Пишиқ, кучли, меҳрибон ва эркатой бўлишади. Шунданми, улар доим «Ойи, сизни қандай яхши кўришимни биласизми?» дейишади. Юз-қўлларингиздан ўпишни, қаттиқ қучоқлашни, бағрингизга бошини қўйиб ором олишни яхши кўришади. Тарбияда ҳам биринчи ўринга меҳр-муҳаббатни қўйинг. Гапирганда сокин оҳангда, аммо ақл билан сўзланг. Муаммоси, бегоналар билан тезда дўстлашиб кета олишмайди. Аммо ўқишларига гап йўқ. Барча топшириқларни аъло даражада, ўз вақтида бажаришга уриншади. Уй вазифаларини тайёрлашда ундан вақтингизни қизғанманг.
 
ҳаракатчан «Жавзо»
 
(21.05-21.06)
 
Онасининг этагига ёпишган болалар. Меҳрибоннини бирпас кўришмаса, соғиниб қолишади. Ёлғизликдан қўрқишади-да. У ўйинчоқлар билан овуниб, якка ўзи бир жойда ўтира олмайди. Доим ҳаракатда. Қувонарлиси, хотираси кучли. Тил ўрганишга ҳам лаёқати бор. Гуруҳ бўлиб ҳаракатланидиган ўйинлар ўйнашади. Саволларини жавобсиз қолдирманг. Иқтидорини шакллантиришдан эътиборингизни аяманг. Турли машиналар, юлдузлар туркумига қизиқишади. Шахмат каби мантиқан фикрлашини оширадиган машғулотларга беринг. ҳа-я, кичик ютуқларини ҳам рағбатлантириб туришни унутманг.
 
Таъсирчан «Саратон»
 
(22.06-22.07)
 
Бу кичкинтойлар уйи энг хавфсиз жой эканлигини билади. Бир бурчакда ўтириб, ўз иши билан машғул бўлиш кўчада ўйнашдан кўра кўпроқ ёқади. Оилада кимдир бошқа бировни хафа қилса, ота-онаси қаттиқ овозда тортишса, тушкун кайфиятга тушиб қолишади. Ва бу ҳолатдан чиқишга қийналишади. У ота-онаси дўстона муносабатда бўлса, ўзини бахтли ҳис қилади. «Саратон» болакайларнинг тарбиясида адашманг. У доим эътибор ва ҳимоя истайди. Унга турли ранглардаги ўйинчоқлар ҳадя қилинг, сокин мусиқаларни эшиттиринг. Бағрингизга кўпроқ босинг, кўчада қўлидан тутиб юринг. Хотираси яхши, бир иш устида узоқ қунт билан бош қотиради. Уй ҳайвонлари ва дўстлари кўп бўлишини истайди. Бунга имкон беринг.
 
Шаҳзода «Асад»
 
(23.07-23.08)
 
Оилада ҳамма истаклари сўзсиз қондирилишини ҳали тили чиқмасдан исташади. Гапира бошлагач, ота-онасига ўзича буйруқлар ҳам бериб қўйишади. Коптоги бироз узоқроққа сакраб кетса, бориб олиб келмайди, бу ишни кимдир қилишини кутади. Тўхтанг, талтайтириб юборманг. Лекин қаттиқ гапирманг, ахир у юлдуз-ку! Қизиқтириш билан тарбияланг. Масалан, «Керак бўлса, коптогингни ўзинг бориб ол», деб дўқ урманг-да, «Қани, ким биринчи етиб оларкан», дея секин қадам ташланг. Ота-онаси қайсидир марраларни забт этган бўлса, у ҳам шу чўққиларга эришишни истайди. Бирор нарсани ёқтиришмаса, дангасалиги тутади. Омад калити билимда эканлигини тушунтирсангиз, дарров ўқишга шўнғишади.
 
Кўчирмакаш «Сунбула»
 
(24.08-22.09)
 
Бу болакайларни тарбиялаш осон. Хотиржам, ўз кучига ишонган ва жуда ҳам тиришқоқ. Уришиш, жазолаш ёки саоатлаб маъруза ўқиш бефойда. Ўзингиз ўрнак кўрсатасиз. У шундоқ сиздан нухса кўчиради. Фақат «Сунбула»ларга болалигидан кимгадир идел деб қарамасликка, ҳар бир исоннинг ҳаётда ўз мезонлари ва тақдири бўлишини англатинг. Мактаб ёшига етгач, улар янада хотиржамлашади. Овқатланганда ҳам, ўйинда ҳам жуда озодалик билан ҳаракатланади. Чиройли ёзадиган, мисолу масалаларни осон ечадиган бу болалар ўқитувчисининг севимли ўқувчиси бўлишади.
 
Ёқимтой «Мезон»
 
(23.09-23.10)
 
Болалигидан чиройли кийинишни ёқтирадиган эркатойларга қўл кўтариш, танқид қилиш ва ҳамманниг ёнида танбеҳ бериш умуман мумкинмас. Аслида, қулоғига гап иладиган болалар — шулар. У доим иккиланади. Масалан, иккита ўйинчоқ харид қилсангиз ва бирини танла десангиз, роса қийналади. Қўйинг, болани бундай танловлар қаршисида қолдириманг. Кимгадир ёки нимагадир маъсул бўлишдан чўчишади. Улар учун ота-онаси қарор қабул қилгани маъқул. Фарзандингизни кўпга қўшинг. Танловларни қандай амалга оширишни кўрсатиб беринг. Бирга бозор-ўчар қилишдан бошланг. Уйда бирор қарор қабул қилаётганда фикрини сўранг, таклифини қабул қилмасангиз, нима учунлигини тушунтиринг. Буюк инсон, масалан, машҳур ёзувчи, элчи ёки режиссёр бўлишни исташади. Шароит яратинг.
 
Аразчи «Ақраб»
 
(24.10-22.11)
 
Ушбу бурж болалари жуда ҳаяжонга берилувчан. Ташқаридан хотиржам кўринишса-да, аслида юраклари доим ёниб туради. Тез хафа бўлишади, ваҳимага тушишади, қўрқоқ ҳам. Улар учун болакайни тушуниш ва яхши кўриш муҳим роль ўйнайди. Жазоламанг, урманг. Доим меҳр кўрсатинг. Агар хафа қилиб қўйсангиз, эътиборини бошқа томонга тортинг. Бирор қизиқ воқеа айтиб беринг ёки сайрга олиб чиқинг. Мактаб ва боғчада унга томошабин бўлиш кўпроқ ёқади. Расм солиш, чизмачилик каби фанлардан оқсашса-да, бошқа болаларга қараганда ёзиш ва бадиий нарсаларни ўқишни ёқтирашади. Дилбадингизга эртак айтиб беришга эринманг.
 
Эрксевар «Қавс»
 
(23.11-21.12)
 
Эркинликни хуш кўрувчи, ўз кучига ишонган ва бидир-бидир. Чақалоқлигида бор овозида «куйлаб», ҳамманинг «жони»га айланади. Кимдир унга ниманидир тақиқлаб кўрсин, ё буткул ўз қобиғига ўралади, ё исён кўтаради. Кўпроқ хиёбон ва ҳайвонот боғи кабиларга сайрга олиб боринг. Чунки у жисмонан доим ҳаракатда бўлишни ва атрофни кузатишни ёқтиради. Боғча, мактабда ўз ўрнига эга бўлишни истайди. Буни уддалайди ҳам. Дилидаги тилида. Унга ишонишингиз муҳим. «Қавс» дилбандингизни ҳеч қачон бурчакка турғизиб қўйманг. Бу унга ёмон таъсир қилади. Китоб ўқишни ёқтирашади. Уни бу борада рағбатлантиринг. Чет тилларини, албатта, ўргатинг. Чунки дунё кезиш орзуси ақлини таний бошлаганидан унга тинчлик бермайди-да.
 
Кекса «Жадий»
 
(22.12-20.01)
 
«Ўзим бир ёш боламан-у, ичимда чол яшайди» деган гапни эшитганмисиз? «Жадий»ларнинг сўзида шу. ҳали ақлини танимаган-у, аммо дунёга ўзича доноларча қарайди. Жиддийлиги ва интизоми билан бошқалардан ажралиб туради. Уларга ҳаётни севишни, қувониб яшашни, кулишни ва ҳазиллашишни ўргатмасангиз, бўлмайди. Ўз оламида ёлғиз қолдирманг. Гап билан алдаб қўя олмайсиз. Амалда исботлаш керак ҳамма нарсани. Дарсини қилмагунча кўча чангитишига рухсат берманг. Рағбатлантириб туриш талаб этилади, фақат пулга ўргатиб қўйманг-а. ҳамиша катта марраларни забт этишни орзу қилади. Фақат ҳаракати шунга ярашамас-да. Сиз нуридийдангизни олға ундаб туришингиз керак.
 
Ғаройиб «Далв»
 
(21.01-20.02)
 
Мана, сизга ажойиб, тасаввур олами бой бола. Уни доим йўналтириб туриш керак. Кийимларингизни қирқиб, «санъат асари» яратиб олиши ҳеч гапмас. Хуллас, кўз-қулоқ бўласиз-да. Фақат жазоламанг. «Мен сенга нима дегандим?» қабилида муносабатда бўлманг. Ўқиши учун сиздан катта ҳаракат керак бўлади. Ўйинчоқлар ўйнашни ёқтирмайди, унга нимадир ясаш, яратиш қизиқ-да. Демак, конструкторлар, кабилар асқотади сизга. Бирор нима ғайриоддий туюлмаса, унга қайрилиб ҳам қарамайди. Шунинг учун аввало унинг эътиборини тортинг. Кайфияти йўқ бўлса, уришманг, овқатингни е деб мажбурламанг. Шунчаки ёнида ўтириб юракдан гаплашинг.
 
Инжиқ «ҳут»
 
(21.02-20.03)
 
Ўзи ҳам, кўнгли ҳам нозик. Сизнинг кайфиятингиз бўлмаса, инжиқлик қилиб, йиғлашга тушади. Таъсирчан-да. Қайғунгизга доим шерик бўлади. Туйғуларини изҳор қилади. Жанжаллардан юраги яраланади. Онасига суянади. Бироқ онасининг қизи ёки ўғли бўлмайди. Яхши ўқиса ҳам, ўзига ишонмайди. Болажонингизга тўғри йўналиш беринг. Мусиқа, театр, умуман санъат соҳаси улар учун. Даккиларингиздан янаям «ўсади». Шунинг учун яхши сўз билан муомала қилинг. Унга ҳамма нарсани ҳал қилиб берманг, қанақа яшашни кўрсатинг.
 
Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.
 
Прикрепления: Картинка 1
Категория: Burjlar haqida to'liq ma'lumot | Просмотров: 1205 | Добавил: AdminoFF | Теги: burch, bolalar | Рейтинг: 0.0/0