Бош прокурор ўқувчилар давоматини жиддий назорат қилишга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашитжон Қодировнинг "Умумий ўрта ва ўрта-махсус касб ҳунар таълимининг мажбурийлиги - баркамол ёш авлодни тарбиялашнинг муҳим омилидир" номли мақоласи чоп этилди. Унда юртимизда ёш авлодни тарбиялаш, уларни ҳа жиҳатдан билимли ва соғлом этиб вояга етказиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз боради.

Шу билан бирга мақолада кейинги йилларда сохада кўзга ташланаётган айрим камчиликлар, хусусан ўқувчиларнинг давомати билан боғлиқ муаммоларга ҳам кенг тўхталиб ўтилган. Эътиборингизга Бош прокурорнинг, ана шу мавзу юзасидан билдирган фикрларини ҳавола этамиз. Зеро, ютуқлар ўзимизники, уни ҳеч ким биздан тортиб ололмайди, камчиликларни эса бартараф этиш лозим. 

 

"...Узлуксиз таълим тизимининг яратилиши ва таълим сифатининг тубдан яхшиланиши вояга етмаганларнинг билим олишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларини янада оширди, бу эса ўз навбатида уларнинг бандлигини таъминлаб, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни кескин қисқартиришга эришишга имкон берди. Хусусан, 2012 йилда 2000 йилга нисбатан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик 30,5 фоизга камайган.


Болалар, жумладан, ўқувчилар орасида жиноятчиликнинг камайиши қувонарли ҳол, албатта. Шу билан бирга вояга етмаганларга нисбатан етарли назорат бўлмагани оқибатида уларнинг ўқув муассасаларига бормаслиги ҳолатлари мавжудлиги ташвишга солиши табиий. Жумладан, 2012-2013 ўқув йилида 5 минг нафардан ортиқ ўқувчилар бирон-бир узрли сабабсиз сурункали равишда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга ўқишга келмаган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва прокуратура органлари томонидан кўрилган ҳуқуқий чоралар натижасида улардан аксарият қисми таълим муасассаларига қайтарилди.


Ўтказилган назорат тадбирларида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари масъул ходимлари томонидан машғулотларга сабабсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаш, ҳисобини юритиш ва таълимга жалб қилиш ишлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги аниқланди.


Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги 27-сонли умумтаълим мактаби директори Е.Заирова ва директор ўринбосари М.Ражаповалар ўзаро жиноий тил бириктириб, 2009 йилда Белгия давлатига кетган 5-синф ўқувчиси Д.Боймаматовани тўрт йил давомида дарсларга қатнашганлиги ва билими баҳоланганлиги ҳақида журналга ёзувлар киритиб, синфдан-синфга ўтказиб келганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилдилар.


Давлат томонидан болаларимизнинг келажагини ўйлаб, қанчадан-қанча сарф-харажат эвазига 12 йиллик бепул ўқишни ташкил қилиб, замонавий технологияларга асосланган, жаҳон илғор таълим стандартларига мос, билим олиш учун шароитлар яратиб берилса-ю, бола коллежга бормаса, қани бу ерда тартиб-интизом, қани масъулият. Нима учун жойларда ҳокимликлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик, қолаверса бола тарбияси учун бевосита жавобгар бўлган ота-оналар ва бошқа масъул шахслар бепарволарча қўл қовуштириб ўтирибди? Бундай бепарволик жиноят эмасми?


Ваҳоланки, мамлакатимиз қонунчилигида 12 йиллик таълим умуммажбурий эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, қонуннинг мазкур талаби ижросини қатъий таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Афсуски, баъзи ота-оналар ва мансабдорлар ўзларига юклатилган вазифаларига нисбатан бундай масъулиятсизлик учун жавобгарликнинг мавжудлигини унутиб қўйганлар. Бу соҳада прокурор назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йилда ва жорий йилнинг 5 ойида ўқувчи ва талабаларнинг ўқув муасассаларига келиб-кетишини таъминлаш учун масъул бўлсада, мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаган 2 минг нафар таълим соҳаси ходимлари интизомий жавобгарликка тортилганлар.


Шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирувчиларини кейинги ўқиш босқичларига жалб этиш борасидаги қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда жорий йилда мактабни битираётган 530 мингдан ортиқ ўқувчиларни касб-ҳунар коллежлари ва лицейларга жойлашишини тўлиқ қамраб олиш мақсадида жойлардаги прокурорларга маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида топшириқ юборилди. Ушбу вазифани ижросини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади.


Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўқувчи ва талабаларнинг машғулотларга қатнашиш давоматини таъминлаш фақатгина ўқув муассасаси раҳбарлари ва ўқитувчилари зиммасидаги вазифа эмас, балки бу жараён кўп жиҳатдан ота-оналарга, уларнинг фарзанди таълим-тарбияси билан нечоғлик шуғулланишларига бевосита боғлиқдир. Ваҳоланки, бола тарбияси ҳам қонуний асосларда ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатдан ота-оналарнинг фуқаролик ва инсоний бурчидир.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасида ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар фарзандларининг тарбияси ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, айнан шу асослар билан 2012 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида 3,5 минг нафар ота-оналар жавобгарликка тортилдилар.


Бундан ташқари 250 нафар ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.


Бу борада бир мисол келтириш ўринлидир. Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Е.Шарипова спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тўққиз яшар қизи Л.Шариповани мунтазам равишда уриб, унинг мактабга ва кўчага чиқишига тўсқинлик қилган ва узоқ муддат давомида хонага қамаб, устидан қулфлаб қўйган. Оқибатда қиз бундай шафқатсизликка чидамасдан ўзини 3-қаватда жойлашган хонадоннинг балконидан ерга сакраб, оғир тан жароҳатлари олган. Врачларнинг ёрдами билан қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Онасига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилди.


Ўқувчиларнинг машғулотлардаги давомати назоратсиз қолиши, уларнинг узрсиз сабаблар билан дарсга қатнашмасликлари, ҳатто узоқ муддат давомида таълим муассасаларига умуман келмасликлари фарзандларимизнинг жиноят йўлига кириб кетишдек мудҳиш нохуш оқибатларга олиб келмоқда.


Масалан, Булоқбоши туманидаги иқтисодиёт ва енгил саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Н.Тоштемиров умумтаълим мактаби ўқувчилари Ш.Қудратиллаев ва Ш.Исоқовлар билан жиноий тил бириктириб, савдо дўконидан 1,2 млн. сўмлик уяли телефон аппаратлари ва эҳтиёт қисмларини ўғирлаганлар.


Содир этилган жиноятлари учун ушбу гуруҳ аъзолари жиноий жавобгарликка тортилдилар, албатта. Лекин, афсус билан таъкидлаш лозимки шундай номақбул гуруҳларга кириб қолиб, турли хил жиноятлар, шу жумладан оғир жиноятларга қўл ураётган вояга етмаган болалар борлиги, уларнинг таълим-тарбиясидаги нуқсонлардан далолат беради. Бу ҳақда ота-оналар, ўқитувчилар, синф раҳбарлари, таълим муасасасларининг мансабдор шахслари, қўйингки барчамиз чуқур ўйлаб, тегишли хулоса чиқаришимиз ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз керак.


Шу ўринда яна бир долзарб масалага алоҳида тўхталиш лозим. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган фарзандларимизни мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши, уларнинг келажак ҳаётда ўз ўрнини эгаллашларида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, тегишли мутахассисликлар бўйича янги ишчи ўринлари ташкил қилинмоқда.


Аммо, назорат тадбирларида аниқланишича, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани, бу жараёнда ҳисоботларга қўшиб ёзиш, тугатилган ёки фаолият юритмаётган корхоналар билан сохта шартномалар тузиш, битирувчилар ҳали ишга чиқиб улгурмасидан шартномаларни бекор қилиш каби ҳолатлар мавжуд. Бундай қонунбузишларга йўл қўйган мансабдор шахслардан 2300 нафардан ортиғи интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилдилар, 74 та ҳолат бўйича эса жиноят иши қўзғатилди.


Ёшларни узлуксиз мажбурий таълим билан қамраб олинишига салбий таъсир ўтказадиган муаммоли ҳолатлардан яна бири ўқувчи қизларни, шу жумладан никоҳ ёшига тўлмаганларнинг эрга бериб юборилишидир. Олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан, 2012-2013 ўқув йилида лицей ва коллежларда таълим олаётган 2114 нафар қизлар ота-оналари томонидан эрга бериб юборилган, оқибатда улардан 944 таси ўқув машғулотларига умуман қатнашмай қўйган.


Ушбу ҳолатлар юзасидан никоҳга киришган шахсларнинг, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим, диний муассаса ходимларининг жавобгарлик масаласи ҳал илинмоқда. Лекин, кўрилган чоралар ўзининг етарли самарасини бермаётганлиги сабабли бундай салбий иллатга нисбатан қатиятлилик ва талабчанликни кучайтиришимиз керак. Шу ўринда алоҳида айтиш керакки, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга киришиш, уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар Оила Кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилди. Бу ўзгаришлар ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.


Қонунлар қабул қилиняпти. Лекин, бу қонунлар ҳақида жойларда барча фуқароларимиз тўлиқ билмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳокимликлар ва тегишли жамоат ташкилотлари жойларда халқ орасида қонунларни, уларга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишларни тарғиб қилиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида айнан шу мавзуда тадбирлар ўтказиш орқали тушунтириш ишларини доимий равишда олиб боришлари керак. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятининг ошиши бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради.


Ҳар томонлама интеллектуал ва жисмонан ривожланган юксак ақл заковатли, баркамол авлодни тарбиялашдек устувор вазифанинг нақадар муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур тушунишимиз, барча сайи-ҳаракатларимизни бундай муҳим соҳадаги қонунчилик талабларини тўлиқ ижросини таъминлашга, шунингдек, мансаб суиистеъмолчилиги, порахўрлик, фирибгарлик ва бошқа жиноий фаолиятни истисно қиладиган соғлом муҳит яратишга йўналтиришимиз зарур."

 

Манба: prokuratura.uz

 



Категория: FIKR MULOXAZA | Теги: МТС
Просмотров: 1535 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 02:51
Добро Пожаловать, Гости
 
Логин:
Пароль:
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz