Гулнора Каримова билан блиц-брифинг ўтказилди

23 август куни Тошкент вилоятида ташкил этилган "Келажак овози” медиа-оромгоҳида Гулнора Каримова билан "Барчаси ҳақида қисқача... Савол беришдан тортинманг” деб номланган блиц-брифинг ўтказилди.


Бу форматдаги учрашувлар анъанага айланиб улгурди. Уларда муҳокама қилинадиган масалалар эса борган сари кенгқамровлилик касб этиб бормоқда. Бу сафар Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова медиа-оромгоҳ иштирокчилари – ёш журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари ҳамда твиттер орқали берилган саволларга жавоб берди. Фонд Форум фаолияти, бошқа жамғармаларнинг лойиҳалари, шунингдек, Googoosha ва GULI ижоди каби мавзуларда сўз юритилди.



"Барчаси ҳақида қисқача... Савол беришдан тортинманг” блиц-брифинги медиа-оромгоҳ иштирокчиларининг ташаббуслари билан ташкил этилди. Медиа соҳасининг ёш вакиллари ўзларини қизиқтирган кўпгина мавзуларни бевосита "Келажак овози”нинг "онаси” билан муҳокама қилишга қарор қилишди. Учрашув медиа-оромгоҳ иштирокчиларидан бирининг қизиқарли саволи билан бошланди: "Гулнора Исломовна, сиз дунё бўйлаб кўп саёҳат қиласиз. У ерларда ишлаб юрган ўзбекистонлик ёшларни кўрганингизда кўнглингиздан нималар кечади?”


Гулнора Каримова: "Аслида, бу масала (хорижда ишлаётган ёшлар масаласи) бугун қизғин муҳокама қилинмоқда. Лекин, хорижда ишлаётган профессионаллар ва пул ишлаб топиб, уйига, яқинларига юбориш истагида юрган муайян бир касби йўқ ишчилар орасида фарқ бор. Бу иккита категорияни яхши фарқлашимиз ва шунга мос равишда муҳокама қилишимиз керак.


Профессионаллар ҳақида гапирганда, кўпинча, улар шу ерда таълим олиб, илк қадамларини ташлаган, она тили, рус тилини, баъзилари хорижий тилларни яхши биладиган ёшлардир. Бундайларни Осиё мамлакатларида тез-тез учратиш мумкин. У ерларда бизникиларнинг официант ёки яна кимдир бўлиб ишлаётганини кўрсам, хафа бўлиб кетаман. Кетганларнинг кўпчилиги у ерда ўқийди, ўша ерга мослашади, дунёқарашининг кенглиги ҳисобига беш, етти, борингки ўн йил олдин муайян касби бўлмаган ишчилар бугун бошқарувда анча яхши жойларни эгаллашган. Майли, бу ўрта қатлам бўлсин, лекин бугун улар машина қўйиш жойида ишламаяпти ёки бирор жойда официантлик қилмаяпти. Бир тарафдан, яхши хизмат кўрсатадиган бирор дўкон ёки ташкилотга кирсангиз, у ерда ҳеч бўлмаганда битта ўзбекистонликни кўриш кишига ёқимли, албатта. Кишини хурсанд қиладиган жиҳати – улар бошқа жойдан келганлардан кўра тезроқ мослашади, шунинг учун одатда уларга талаб бор. Масалан, бу мени нафақат қайғуга солади, ҳатто дилимга оғриқ беради. Сабаби, ҳар сафар шундай муассаса ёки бинодан чиққанингда бу одам ўз ватанида ишлаши мумкин эди, мана бу одамнинг қўлида қанча одам ишли бўларди, деган ғамгин туйғулар ўтади кўнглингдан. Бир томондан, профессионал ишчи кучига талаб бор жойда шунга яраша таклиф ҳам бўлади.


Чоғимда, бу муаммонинг икки тарафи бор. Биринчидан, бу иш ўринлари, шу ерда ишга жойлашиш имкониятлари, иккинчидан, талаб ва бозор масаласи, маълумки, бугун жамият ўз олдига қўйиши мумкин бўлган имконият ва талаблар даражаси фарқлидир.


Аминманки, бу одамларнинг барчаси ўз оиласи қаерда бўлса, ўша ерда жон деб ишлайди. Умуман, ўзбеклар жаҳонгашталик қилиб юришга ўрганган миллат эмас. Ўйлайманки, агар шу ерда, Ўзбекистонда тегишли дастур ишлаб чиқилса, уларга тегишли мотивация берилса, қизиқтирилса, яна бир бор таъкидалаб ўтаман, бу профессионал ёшларга тегишли, жуда кўпчилик, 90% ёшлар шу ерда ишлайди. Шунинг учун, мен ўз-ўзини бошқариш жамоат органлари ва эндигина оёққа тураётган ташкилотлар бу борада жуда катта роль ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайман.


Бизнинг "Ўзбекистон масъулиятли фуқаролари форуми” Жамоатчилик кенгаши бу борада оз-оздан ҳаракат қилишни бошлади. Ташкилот томонидан қилинаётган аниқ ишларини сиз твиттер орқали кузатиб боришингиз мумкин. У ерда ҳар куни турли кишиларнинг исм-шарифлари, манзилини, аниқроғи, қайси масала бўйича кимга, қанча миқдордаги маблағ берилгани ёки ёрдам кўрсатилганини кўришингиз мумкин. Сиз у ерда қайсидир ташкилотнинг шунчаки декларатив ваъдаларини эмас, балки бошқаларга ёрдам бериш учун бирлашиб, олға юраётган кишиларни кўришингиз мумкин. Аминманки, шу мақсад йўлида бирлашсак, ҳар қандай имкониятни яратишимиз мумкин бўлади. Ҳарқалай, мен бунга ишонаман.”



Кейинги савол айни кунда жуда долзарб ва муҳим масалага айланган саломатлик мавзуси ҳақида бўлди. Айтиш мумкинки, Фонд Форум томонидан амалга оширилаётган "Ҳаёт учун!” форум-марафони ва футбол ўйинлари, Замонавий хореография ва спорт пластикаси танлови каби бир қатор лойиҳалар юртимиз ёшлари орасида соғлом турмуш тарзига амал қилишни тарғиб этмоқда.


Бу масалада Гулнора Каримова ўз фикрини қуйидагича баён қилди: "Айтиб ўтишни истардимки, одатда лойиҳалар тизимли тарзда ва маълум вазиятлар сабаб юзага келади. Форум-марафон ҳам айнан шу тарзда, унда ҳар йили иштирок этадиган иштирокчилар саъй-ҳаракати билан шаклланди. Бу йил катта фожиа (Бостон воқеалари) туфайли биз уни орқага сурдик, лекин ўйлайманки, уни албатта ўтказамиз. Хореография, гимнастика бўйича лойиҳалар ҳақида гапирганда, Тошкентда спорт марказларимиз бор, уларда тажрибали мутахассислар ёшлар билан ишлашади, ўзларининг махсус ёрдам дастурлари бор, энди бу алоҳида мавзу. Инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам дастуримиз бор, буни ҳам миллат саломатлиги масаласига киритиш мумкин.


Эзгу мақсадлар бизга қўшилаётган инсонлар кучи билан дунё юзини кўрмоқда. Имкониятдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтмоқчиман.”

Гулнора Каримова лойиҳа ғояси ва унинг шиорини тўғри шакллантириш муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтди: "Агар сиз нимагадир қарши бўлиб, ҳаракат бошласангиз, ўйлайманки, масаланинг бу тарзда қўйилиши катта натижа ва наф бермайди. Шунинг учун бизнинг шиоримиз: "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, бу билан мақсадларимиз қамровини ҳам янада кенгайтиришга эришамиз.


Мен сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган нарса шуки, бирор нарсага қарши курашиш янгилик яратиш, ёшлар аниқ кўра оладиган, уларни интилишга ундовчи яқин мақсадларни белгилаш олдида арзимас иш бўлиб қолади..


Лойиҳалар сабаб вилоятларда бўлганингда, ҳар куни турли касалликларга чалинган беморларни даволовчи шифокорлар билан гаплашганингда, уларни ўз кўзларинг билан кўрганингда қайғуга ботасан киши. Шундай муаммо борки, ёшларнинг ўртача вазни камайиб бормоқда. Ўртача бўй, ўртача вазн сингари статистик маълумотлар бор, солиштириб кўрилса, халқимиз кишилари кичрайиб боряпти ва бу қайғули ҳолат. Чунки улари армия сафида хизмат бурчини ўташга борадиган бизнинг ҳимоячиларимиздир.


Агар саломатлик масаласига жиддийроқ қаралса, олдимизда анча катта муаммолар турибди. Масалан, қариндошлар орасида тузиладиган никоҳлар. Аслида, бу ерда ҳам миллат саломатлиги масаласи ётибди.


Ўйлайманки, бу масалаларни ҳам муҳокама қилиш, ҳаммага гапириш керак, чунки барибир бу мавзулар ҳақида норасмий суҳбатларда, ошхоналарда сўзлашилмоқда”.



Гулнора Каримова билан учрашув давомида таюбиркорлар ҳақида ҳам савол ташланди:"Маълумки, Сиз Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келяпсиз. Ташаббусингиз билан "Келажак овози” ЁТМ қошида Ёш тадбиркорлар мактаби ташкил этилди. Кичик ва ўрта бизнесга кўрсатилган ҳар бир манзилли ёрдам юзасидан Жамоатчилик кенгаши кунда-кун ора интернет орқали ҳисобот бериб келмоқда. Шунингдек, Сизнинг бошчилигингиздаги жамғармалар томонидан грантлар ажратилмоқда: ИТҚҚФ – ННТ ва тадбиркор аёллар учун, "Меҳр нури” жамғармаси – фермерлар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун, "Аёллар кенгаши” РЖБ – хотин-қизлар учун мини кредитлар ажратмоқда. Булардан хулоса қилиш мумкинки, Сиз тадбиркорларга жуда катта эътибор қаратяпсиз. Сизнингча, тадбиркорлик жамият тараққиётида қандай аҳамиятга эга?”

Гулнора КаримоваГулнора Каримова: "Реал воқелик ҳақида гапирадиган бўлсам, Ўзбекистонда тадбиркор бўлиш - бу осон иш эмас. Молиявий-иқтисодий бўҳрон бўлгани ва бошқа бир қатор жиҳатлар мавжудлиги тушунарли, лекин республикамизда барча қонун актлари ва бошқа ҳужжатлар ростдан ҳам амал қилганда эди, у ҳолда бизда тадбиркорлик гуллаб-яшнаган бўларди. Барча кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, аминманки, кичик бизнес жамиятимизни олдинга ҳаракатлантирувчи куч бўла олади.

Мисол учун яқинда юртимизда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш тўғрисида фармон чиқди. Фармоннинг мазмун-мундарижаси кичик бизнес борасидаги муҳим масалаларни қамраб олган. Унда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва унга ёрдам кўрсатиш мажбуриятлари ҳақида сўз юритилади. Айниқса, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ажратиб кўрсатилади, чунки бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини экспортга рақобатбардош товарлар даражасига кўтариш борасида вазифалар мавжуд ва улар давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган. Мен бу нарсани ҳаётга татбиқ этиш масаласига скептикларча ёндашаман. Билмайдиганлар диққатига айтиб ўтмоқчиман, фармон ёки қарор чиққач, уларни амалга ошириш юзасидан вазирликга йўриқномалар чиқарилади. Ҳар бир кейинги қадам билан эса биринчи ҳужжатда чиқарилган нарса бемаънилаштириб борилаверади...

Фарғона водийсида эканимизда келажакчилардан бирининг таклифи асосида Ёш тадбиркорлар мактабига асос солинди. У йигит ўрнидан турдида шундай деди: "Биласизми, биз эртага тадбиркор бўлмоқчимиз, лекин ишни нимадан бошлаб, нима билан тугатишни билмаймиз. Бизга ёрдам бера оладиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган, бу ишнинг ҳуқуқий базасини тушунтириб бера оладиган қандайдир кенгаш борми? Ёрдам бера оладиганлар бўлса, барчамиз жуда миннатдор бўлардик.” Ҳаммаси мана шундан бошланганди. Биз ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат ва маҳорат дарслари ўтказа бошладик. Кейин шу мактабдан чиққан ёш бизнесменлар пайдо бўла бошлади. Уларга иш бошлаш учун бошланғич маблағ кераклигини англаб, уларга маблағ ажратдик, кейин грантлар ажратила бошланди. Яна бир бор сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлганим, келажакчилар, сиз ўзингиз Ёш тадбиркорлар мактабига асос бўлган базани яратдинигиз.”

Кейинги савол энди GULI бренди муаллифига берилди: "Телефонлар учун янги аксессуарлар яратишга Сизни нима илҳомлантирди?”

Бу саволдан кейин Гулнора Каримова ўзининг дизайнерлик сирларини оча бошлади:"Билмадим. Ростини айтаман, билмадим. Тўғриси, бу саволга қандай жавоб беришни ҳам билмайман. Шунчаки ўтириб, расм чиздим. Ўйлаб қолдим, шаффоф ғилофга нақш солса қалай бўларкан? Шарқда унга тенг келадигани бўлмаса керак. Бу билан анъанавий ҳунармандчилигимизнинг яна бир йўналишини қўллаб-қувватлаяпман. Бизнинг "Ижод” уюшмамизда кўплаб ёшлар катта усталардан билим ва кўникмаларни ўзлаштириб, уларнинг изидан шахдам қадамлар ташлашмоқда, янги тажрибалар ўтказишмоқда. Албатта, ёшлар бажараётган ишларнинг сифатини янада яхшилаш керак. Ҳозирча ҳақиқий усталарнинг ишларига буюртма беряпмиз.


Айтишни истардимки, ҳар бир миллий сюжет, ҳар бир миллий безак янги кўринишда, янги талқинда яшаш ҳуқуқига эга. Демак, бизнинг қадим меросимиз ўз умрини давом эттирмоқда ва эртага бу ишни янги талқинда ифода эта оладиган яна кимдир келади.


Бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, қадимий меросимиз устида тажриба ўтказадиган бўлсак, унинг туб илдизларига диққат қаратиш керак бўлади. Бу борада оз бўлса ҳам билим олиш, умуман, бу безак қандай ишланган, қаердан пайдо бўлган, унинг илдизлари қаёққа боради, деган нарсаларни тушуниш керак. Мана, жуда қизиқарли деталь. Мен учун бу ўзимиз ишлатадиган оддий нақшинкор безак. Катта авлод вакилларидан бири эса буларни кўриб, айтдики, миллий наққошлигимиздаги, меъморий ёдгорликларимиздаги нақшлар майда деталларигача математик аниқликда ишланган экан”.


Кейинги савол эса Googoosha мухлисларини қизиқтирадиган савол бўлди: "Янги клип қачон экранга чиқади ва у қаерда суратга олинган?” Шунда Googoosha барчага янги клип продюсери Жасур Шаметовни таништириб, клипнинг суратга олиниш жараёни ҳақида гапириб беришни сўради. Жасур йиғилганларга клип ғоясининг қандай пайдо бўлгани ҳамда уни суратга олиш ишлари Қорақалпоғистондаги Борсакелмас ороли ва Тупроққалъа ҳудудида 60 даражали жарима иссиқда кечгани ҳақида сўзлаб берди.


Гулнора Каримова унга қўшимча қилиб: "Жасур жуда ажойиб нарса топди – бу тузли кенгиклар эди. У ерда жуда чиройли кадрлар суратга олинди. Лекин улар экранда қандай кўринади, буни билмадим... Кези келганда, айтиб ўтишни истардимки, аслида эффектлар бўйича барча мутахассислар хориждан чақирилди. Агар бизда "трендсеттер”ларга (тренд шакллантирувчилар) таяниш мумкин бўлганида, биз нафақат режиссёр ва операторларни, балки махсус эффектлар ва графика бўйича мутахассисни ҳам мамнуният билан жалб қилган бўлардик”.


Кейинги савол Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги тўғрисида бўлди:"Бундан бир йил муқаддам йога машғулотларидаги суратларингизни твиттерга қўйганингиз қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Баъзи бадхоҳларга ўзбек жамиятининг муайян образи маъқул келгани боис турли хориждаги ОАВ вакиллари асабийлаша бошлашди. Сиз инсонлар билан самимийсиз, очиқсиз. Ёшлар учун намунасиз. Бугун кўпчиликнинг йогага қизиқиши ортди, машғулотлардан фотосуратларни бемалол ижтимоий тармоқларга жойлаштира бошлашди, энди бу ҳеч кимни хайрон қолдираётгани йўқ. Трендлар ана шундай яратилади. Сизни "трендсеттер” деб аташса, қандай муносабат билдирасиз?”


Гулнора Каримова бунга жавобан шундай деди: "Аслида бугун бизни ажаблантирадиган нарсаларга, эртага меҳр қўйишимиз мумкин. Бу ҳам ҳаётнинг бир ҳақиқати. Жамият шундай ривожланади. Бадхоҳларга келадиган бўлсак, улар ҳар доим бўлган. Агар эртага бошим билан ерда туриб берсам, бунга маъюс, деб таъриф беришади, агар қандайдир "па” (рақсдаги оёқ ёки гавданинг алоҳида бир ҳаракати)ларни амалга оширсам, бемаънилик, деб баҳолашади ва ҳоказо. Яъни, бу бадхоҳларга мослашиб иш тутиш, бунга бош қотириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.


Ўзбекистон халқ артисти, Ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми Жамоатчилик кенгаши аъзоси Мурод Ражабов имкониятдан фойдаланиб, Гулнора Исломовнага театр ихлосмандлари ҳақида эслатди.


Гулнора Каримова: "Театр.уз фестивали доирасида мукофот таъсис этиш таклифини киритган бўлардим. Фестивалнинг қамрови кенгайиб бормоқда, қизиқарлиси, фестивалга ташриф буюрганлар кейинги йил мобайнида ҳамкорликдаги постановкалар устида ишлашмоқда. "Олтин ниқоб”га ўхшаш миллий мукофотни театр фестивали доирасида ташкил этса бўлади”.


Учрашув иштирокчиларидан бири барча жамғармалар учун мадҳия яратиш таклифини киритди: "Ёнимда бўлинг” қўшиғингизнинг номи ҳар биримиз учун ўзига хос шиорга айланиб улгурди. Қўшиқ ҳар биримиз учун яратилгандек таассурот қолдиради. Уни ташкилотларингизнинг мадҳияси этиб танлашни истармидингиз?”

Гулнора КаримоваГулнора Каримова бу ғояни қўллаб-қувватлади: "Дарҳақиқат, ҳозирда айнан шу қўшиққа клип оляпмиз. Айтганингиздек, бу қўшиқ ўзига хос равишда ҳар бир инсонга бағишланган. Унда шу ғоя мужассам. Сизга бир сирни очаман – унда ҳар бирингиздан бир парча бор. Борсакелмас ва Тупроққалъа ҳудудида буларнинг барини қандай интеграциялаш мумкин, билмадим. Бу бизнинг режиссёримизга боғлиқ. Агар у бу ишнинг уддасидан чиқса, қўшиқни мадҳия деб ҳисоблашимиз мумкин бўлади”.

Учрашув сўнгида Гулнора Каримова Санъат Шарипов томонидан твиттер ижтимойи тармоғи орқали берилган саволга жавоб қайтарди: "Do you ever wonder about the line between reality and illusion, when people praise you every day?” ("Инсонлар сизни ҳар куни мақтаб турган бир пайтда ҳақиқат ва хом хаёл ўртасидаги фарқни кўра оласизми?”)

Гулнора Каримова: "Ҳар бир инсоннинг қалб овози борлигига ишонаман, уни қандай тинглашингиз, қандай маънога йўйишингиз ўзингизгагина боғлиқ. Уни эшита билиш муҳим.

Кимнингдир ғоясига берилиб, ҳар қандай лойиҳани амалга оширса бўлади, деб ўйласам, бу хом хаёл. Мен ҳақиқатан ҳам хаёллар оламида яшасам керак, бироқ саволга жавоб берар эканман, шу нарсани айтиб ўтишни истардимки, хаёллар оламида яшамаганимда, бугун сиз билан елкама-елка амалга ошираётган лойиҳаларнинг аксарияти ҳаёт юзини кўрмаган бўларди. Боиси, баъзида ҳақиқатга айланишга мингтадан биргина имконияти бўлган хом хаёл асири бўлмасанг, ғоянгга эргашадиган, сен билан ҳамқадам бўладиганларни топиш чиндан ҳам мушкул. Балки "хом хаёл” сўзини ушбу контекстда юз фоиз тўғри танланган сўз, деб ҳам бўлмас, нима бўлган тақдирда ҳам, ҳаётимга уларни олиб кираётганларнинг баридан миннатдорман”.


Учрашувга якун ясар экан, Гулнора Каримова барчага келгани ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, бундай учрашувларни кўпроқ ўтказиш мумкинлигини таъкидлади.

Тадбир сўнгида "Келажак овози-2013” ёзги ўқув оромгоҳининг ёпилишидаги флешмоб видеороликининг намойиш этилиши барча учун кутилмаган совға бўлди. Айтиш керакки, мазкур флешмобни ёшлар Гулнора Каримовадан илҳомланиб яратишган эди.

Манба: fondforum.uz



Категория: SHOU-BIZNES habarlari
Просмотров: 1902 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 04:57
Добро Пожаловать, Гости
 
Логин:
Пароль:
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz