Нега айрим қайноналар келинларини пропискага ўтказишни исташмайди?


Кўз олдингизга неча йиллардан буён ҳамон севимли бўлиб келаётган машҳур "Келинлар қўзғолони”даги лавҳаларни келтиринг. Келинлар ўз ҳуқуқларини талаб қилиб бош кўтарганда ҳар қанча қайсар бўлишига қарамай, ахийри қайнона уларга ўзлари истагандек шароитни яратиб беришга қарор қилади.

Биз бугунги кун қайноналаридан ҳам келинларига, ўғилларига ва невараларига нисбатан ана шундай ҳиммат кўрсатилишига умид қилиб ушбу мавзуни ёритишга қарор қилдик.

"Турмуш қурганимизга 21 йил бўлган. Уч фарзанднинг онаси, 1 неваранинг бувисиман. Аммо ишонасизми, ҳанузгача турмуш ўртоғим билан бошқа-бошқа манзилда рўйхатда турамиз. Қайнонам билан гарчи алоҳида ҳовли-жойда яшасак-да, турмуш ўртоғим билан битта хонадонда доимий рўйхатдан ўтолмаймиз. Сабаби, барча мол-мулк қайнонамнинг номида. Уларнинг рухсатисиз бу ишни амалга оширолмаймиз. Ҳатто бу масала ҳақида оғиз очиш ҳам мумкин эмас. Бу масалада сўз очилса, ҳатто нияти бузуқ, деган тамға босилади. Ажрашиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас. Аммо билишимча, агар фуқаро ўзининг доимий яшаш манзилидан бошқа ҳудудга уч кундан ошиқ истиқомат қилса, бунга нисбатан чора қўлланилиши керак экан. Лекин айрим ҳудудларда мол-мулк эгаси бўлган қайнона ёки турмуш ўртоқларнинг рухсатисиз ҳеч қаерда қайд этилмасдан зарурат туғилса, мен каби овораи-сарсон бўлаётганларни истаганча топиш мумкин. Ҳатто фарзандларим ҳам ҳеч қаерда рўйхатга олинмаган. Нега бундай ҳолатлар ҳудуддаги участка нозирлари томонидан қаттиқ назоратга олинмайди? Ёки бу бўйича алоҳида тарғибот ва ташвиқот олиб борилиб, мол-мулк эгаларининг қонунга хилоф ҳаракатларига барҳам берилмайди? Турмушга чиқиб онамнинг уйидан рўйхатдан чиқарилганимдан буён ҳеч қаерда доимий ёки вақтинчалик қайд этилмасдан яшаб келяпман. Кўп ҳолларда "бир кун келиб, мол-мулкимга даъво қилади” деган айрим ёвуз ният қайноналар ёки турмуш ўртоғининг она раъйига қарши боролмагани сабаб биз каби аро йўлдаги келинларга ҳам бирор ёрдам берсаларингиз”.

Таҳририятга қўнғироқ қилиб, айни шу масалага ҳам эътибор қаратишимизни сўраган муштарийлар асосан аноним тарзда мурожаат қилишади. Негаки, айтишларича, агар бу масала юзасидан мурожаат қилганлиги ойдинлашса, оилавий можароларга сабаб бўлиб, турмуш дарз кетиши мумкин экан. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутахассисларидан айрим хонадонларда айнан келинларнинг турмуш ўртоғи рўйхатдан ўтган манзилда қайд этилиши борасидаги тартиб-қоидалар ҳақида маълумот олдик.

МУТАХАССИСЛАР ШАРҲИ

Соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, шахс муайян истиқомат жойида доимий яшаш ниятида бўлган ҳолларда доимий қайд этиш амалга оширилади. Фуқароларнинг рўйхатга олиниши Ички ишлар идоралари томонидан амалга оширилади. Паспорт тизими қоидаларига риоя қилинишига масъул бўлган шахслар томонидан фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд қайд этмай яшашига йўл қўйгани учун, шунингдек, фуқаролар ўзлари эгаллаб турган уй-жой биноларида паспортсиз ва қайдсиз шахсларнинг яшашига йўл қўйгани учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

ТАРТИБЛАР РИСОЛАДАГИДЕК, АММО...

Гувоҳи бўлганингиздек, бу борада қонунчиликда қатъий талаблар белгиланган. Аммо нега шунга қарамай,  айрим ҳудудларда бу тартибга амал қилинмаяпти? Ёки ҳудудлардаги соҳа назоратчилари бу тартиблардан бехабарми? Ёки улар "билдим дедим тутилдим, билмадим дедим қутулдим” қабилида иш юритишга ўрганишганми? Наҳотки, уларнинг бу масалага эътиборсизли биргина инсон учун эмас, унинг фарзандлари тақдирига ҳам дахл қилишларини англашмаса? Агар улар тўғри тушунтириш ва ташвиқот ишларини олиб боришса, эҳтимол бундай қайноналар ҳам ёндашувлари ҳақида мулоҳаза қилиб кўришармиди?

Умид қиламиз, мақола саҳифа юзини кўрганидан сўнг, барча ҳудудлардаги соҳа масъуллари бу тартибга амалда қатъий риоя этилиши учун назоратни кучайтиради. Бизнинг қуйидаги келтираётганларимиз эса қайноналарни тўғри қарор қабул қилишлари учун илк қадам бўлса ажаб эмас.

ХОҲЛАМАСАНГИЗДА, КЕЛИН ҲАМ МОЛ-МУЛК ЭГАСИ

Аслини олганда эса қайноналар кимни нимадан қизғонаяптилар? Мол-мулкни ўзлари тўққиз ой юраклари тагида кўтариб юрган фарзандлариданми? Ёки томирларида ўғлининг қони оқаётган неваралариданми? Агар ўша қонуний никоҳ асосида ўғлининг турмуш ўртоғи бўлган келинлар қайноналар ўйлагани каби нияти совуқ бўлиб, вақти келиб ажрашган тақдирда ҳам улар неваралари ҳақида қайғуриши керак эмасми? Умуман ҳар қандай ҳолатда ҳам қайноналар бу борада кимга нисбатан ўжарлик қилаётганларини ўйлаб кўришлири лозимлигини таъқидламоқчимиз. Нега дейсизми? Сабаби оддий: ахир келинни ўғлингиз кўчадан беникоҳ эргаштириб келмаган, фарзандлари қонуний никоҳ сабаб туғилган бўлса, хавотирга ўрин борми? Улар ажрашгандан кейин келин гарчи мол-мулкка даъво қилмаса ҳам қонуний невараларингиз учун ҳам жон куйдирмайсизми? Аслида "Оила кодекси”да эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши, шунингдек, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Гарчи на ўғлингиз, на келинингизда бу тартиблар асосида мол-мулкка эгалик ҳуқуқи бўлмаса ҳам невараларнинг бу машмашалардан азият чекиб, сарсон-саргардон юришига бефарқ қараб туроласизми? Одамларнинг вақти келиб "ана шу фарзандлар биргина бувисининг мол-мулкка ўчлиги сабаб хор бўлиб юришибди” деган тамғасини охиратга қадар армон билан кўтариб юришни истамасангиз, бугундан ҳаракатни бошланг. Шундагина неваралар сизни сиевимли буви ёки бобо, фарзандлар эса ота ёки она эканлигингизни фахр билан тилга олишсин. Сизга яна нима керак? Ёки бу ўткинчи дунёда мол-мулкка қўйган ҳирсингиз бу фахрдан устунроқми? Шундай экан, сиз хавотирланаётган келинлар хоҳлайсизми-йўқми невараларингизнинг онаси. Қайсарлигингиз фақатгина келиннинг эмас, ана шу невараларингиз келажагига ҳам тўсиқ бўлаётганини бир ўйлаб кўринг.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Хўш, паспорт тизими қоидаларига риоя қилинмаганлик учун соҳанинг масъулларига нисбатан ҳам, фуқароларга ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган экан, унда нега аҳоли орасида бундай қонунга хилоф ҳолатлар кузатиляпти? Демак, нафақат айрим ёвуз ният қайноналару эрлар, балки соҳа масъуллари ҳам қонунчиликда белгиланган паспорт тизими қоидаларини қатъий назорат қилишни янада кучайтириш керак, деган хулосага келиш мумкин.

 Manba:darakchi.uz



Категория: FIKR MULOXAZA
Просмотров: 1825 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 04:49
Добро Пожаловать, Гости
 
Логин:
Пароль:
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz