Тошкентдаги тиббиёт коллежининг талабаси ўртоқлари томонидан калтакланиб ўлдирилди

Бир ойча муқаддам П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг 1999 йилда туғилган, 17 ёшли талабаси Жасурбек Ибрагимов ўзига етказилган жароҳатлар ва ўтказилган мураккаб операцияларга дош бермасдан 1 июнь куни оламдан ўтди.

Жасурбекнинг ота-онаси адолат истаб, барча инстанцияларга мурожаат қилишмоқда, ниҳоят, улар ижтимоий тармоқ орқали юртимиздаги барча оммавий ахборот воситаларининг ушбу фожиага эътибор қаратишларини сўраб, чиқиш қилишди.

Ушбу воқеа юзасидан ички ишлар органларига расман мурожаат қилдик ва расмий жавоб хати олмаган бўлсак-да, жабрланувчи томонининг кўрсатмаларига асосан, воқеа тафсилотларини ўқувчиларимизга ошкор этишга қарор қилдик.

Ўқув даргоҳидан қайтишда ўласи қилиб калтакланган Жасурбек ўз уйига етиб келади ва онасига қўнғироқ қилади. Унинг аҳволини кўрган ота-онаси «Тез ёрдам» машинаси чақириб, касалхонага элтишади.

Касалхонада Жасурбек жонлантириш бўлимига ётқизилади ва кейинги кунлар мобайнида умумий ҳисобда беш марта ички органларида мураккаб операцияларни бошидан кечиради.

Жасурбекнинг бош мияси чайқалган, юз суяклари синган, ўн икки бармоқ ичаги узилган, бутун буйраги шишлар билан қопланган, ошқозон ости бези эзилган ва бошқа органларига ҳам жиддий зарар етказилган экан, ирий бошлагани учун қорин соҳаси мушакларидан бир қисми кесиб олиб ташланади.

Алал-оқибатда етказилган жароҳатлар ҳаёт билан мутаносиб эмаслиги ойдинлашади ва Жасурбек 1 июнь куни вафот этади.

Жасурбекнинг онаси номидан эълон қилинган мурожаатга кўра, 3 май куни ўғлини шу коллежда ўқувчи 6 нафар безори талаба дўппослайди. Улардан 3-босқич талабаси бўлган икки нафари тарбияси бузуқ болалар рўйхатида туришини билдириб ўтади. Жасурбек ўқийдиган коллеждаги бошқа бир талабаларнинг билдиришича, безорилардан бири — И. исмли талаба «ота-онам адвокат, ҳар қанақасига мени жазодан қутқариб қолади, бу биринчи марта эмас», деб ўртоқларига мақтанган.

Воқеа гувоҳи бўлган талабаларнинг айтишича, безорилар гуруҳига аъзо талабалардан бири — У. исмли талаба йўлда кетаётган ўғлимнинг орқасидан билдирмасдан пусиб бориб, уни қаттиқ тепиб йиқитади. Қолганлари эса ёпирилиб келиб, ерда ётган Жасурбекни оёқлари билан аямасдан тепкилашади ва У. ҳолдан тойган ўсмирни телефони ёрдамида видеотасвирга туширади.

2–3 ой илгари гуруҳ Боровский номидаги коллежнинг бошқа бир талабасини ҳам шу тариқа калтаклашган эи, Т. исмли боланинг юзларига жароҳат етказишади, шундан сўнг уни суратга тушириб, анча вақт унинг устидан мазах қилиб, кулиб юришади.

Коллеж талабаларининг ҳикоя қилишларича, И. ва У. кучсизроқ талабаларни доимо калтаклашган, уларнинг ота-онаси пул билан жабрланувчиларнинг оғзини ёпишади, шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетаверади. Бу ўсмирлар эса калтаклаш ва бу жараённи тасвирга туширишдан, шунингдек, ҳеч бир жазога мубтало бўлишмаётганидан ҳайвоний лаззат олишади.

Жасурбек ҳали касалхонадалигида унинг онаси бу воқеа ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганида «ҳеч қандай қўрқинчли воқеа бўлгани йўқ», деб жавоб берган. Агар шундай бўлса, улар томонидан калтакланган ўзбек гуруҳи 2-босқич талабаси Т. нега бу ҳақда гапиришдан қўрқади?

Онаизор ушбу ваҳшиёна калтаклаш воқеаси 3 май куни кундузи соат 12:00 дан 16:00 оралиғида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси ҳамда 145-мактаб ҳудудига ёндош ҳудуда содир бўлганини аниқлаган. Калтаклаш жараёни кузатув камераларига ҳам тушган бўлиши мумкин. Гаражлар олдида стоматология клинкаси бор (Истиқбол кўчаси, 25-уй). Ушбу клиникада ишловчи ходимлардан икки нафари Нигина ва Лена исмли шифокорлар кўчада оқ кўйлакли етти нафар ўсмирни кўрганини, улардан бири қонга белангани, қолган олти бола Нигинага ўртоқларининг ўзи йиқилиб тушганини тушунтиришгани, Нигина ва Лена қонга беланган ўсмирга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишганини билдиришган.

Ўша куни уйга етиб бориб Жасурбек онасига қўнғироқ қилганида ҳам у ўртоқлари урганини айтишга истиҳола қилиб, йиқилиб тушганини айтган. Бироқ жароҳатларни фотосуратга тушириб олган шифокорлар ҳам унинг баданидаги пойафзал изларига ишора қилиб, уни кўпчилик бўлиб калтаклашганини таъкидлашган.

Жасурбекнинг онаси педагоглардан ўғлини калтаклашда иштирок этган олти нафар ўспириннинг фамилияларини сўраганида педагоглар уларнинг фамилияларини унга ошкор этишмаган.

Эслатиб ўтамиз, онасининг бу мурожаати ва шикояти Жасурбек ҳали ҳаётлигида тақдим этилган.

Мисли кўрилмаган, бир норасида фарзанднинг ўлими билан якунланган оғир жиноят содир бўлди. Ҳуқуқ-тартибот органлари, албатта, ушбу воқеага панжа орасидан қарамасдан, воқеа айбдорларига адолатли жазо тайинлашади, деб умид қиламиз.

Миробод туман ИИБнинг  берган маълумотига кўра, мазкур воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунлар ичида мазкур жараённинг якуний хулосаси оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Биз ушбу воқеа тафсилотларини кузатишда давом этамиз.



Категория: DOLZARB MAVZU
Просмотров: 7607 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 13:18
Добро Пожаловать, Гости
 
Логин:
Пароль:
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz