Ўзбекистонда 5 миллиондан ортиқ киши биопаспорт олди

Пойтахтимизда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) машина ўқийдиган ҳаракатланиш ҳужжатлари хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларни идентификация қилиш тизимларини бошқариш масаласига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси томонидан ташкил этилди. Семинарни ўтказишдан мақсад  миллий мутахассисларни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг машина ўқийдиган ҳаракатланиш ҳужжатлари соҳасида тавсия этилаётган амалиёти билан таништириш ва Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини намойиш этди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори Н.Тўрахўжаев, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Дьердь Сабо ва бошқалар  Президентимиз раҳнамолигида авиаташишлар хавфсизлигини таъминлаш, авиатранспорт хизматларидан фойдаланадиган йўловчилар учун қулай шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 23 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва 2011 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ мамлакатимизда фуқароларнинг шахсий биометрик параметрлари ва белгиланган маълумотлари ҳақида ахборот жамланган электрон чип ҳамда юқори даражада ҳимояланган биометрик паспортни жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда.


«Бугун ҳар куни 16 минг дона паспорт ишлаб чиқарилмоқда, уларнинг сони бугунги кунга келиб 5 миллионга етди. Ўзбекистонда умумий 20 млн. киши паспорт алмаштириши керак», — дейди Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўрахўжаев. Бу ҳақда Uzdaily нашри хабар бермоқда.


Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилаётган янги намунадаги паспорт Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти томонидан тавсия қилинган    машина ўқийдиган ҳаракатланиш ҳужжатларининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатнинг жорий этилиши шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификация қилиш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишларни сифатли амалга ошириш ҳамда самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради. Мамлакатимизнинг ушбу тизимни жорий этиш тажрибаси халқаро экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 

– Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти персоналлаштириш соҳасида дунёдаги энг илғор технологиялар қўлланилганининг ёрқин намунасидир, – дейди «Oberthur Technologies»  компаниясининг (Франция) шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар лойиҳалари бўйича директори Тибо Субрия. – Мамлакатингизда шахсни идентификация қилиш тизимида фуқаролар ҳақидаги маълумотларни тўплашдан то чегара назоратини амалга оширишга қадар бўлган жараёнда хавфсизликнинг юқори даражаси таъминланган. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси бошқа кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

Минтақавий семинар иштирокчилари уч кун давомида бутун дунёда машина ўқийдиган ҳаракатланиш ҳужжатлари тизимининг стандартлари, янги технологиялари ва уни янада ривожлантириш стратегиясини ўрганди. Халқаро экспертлар ва хорижий давлатлар вакиллари бу йўналишдаги ўз тажриба ва иш услуби билан таништирди. Семинарда, шунингдек, ИКАОнинг машина ўқийдиган ҳаракатланиш ҳужжатлари, ҳимояланган ҳаракатланиш ҳужжатларини тайёрлаш стандартлари, техник хусусиятлари, чегара назоратидан ўтишда ҳужжатни текширишнинг замонавий тизим ҳамда воситалари муҳокама этилди.  



Категория: MAXALLIY YANGILIKLAR | Теги: биопаспорт, Ўзбекистон
Просмотров: 1190 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 10:51
Добро Пожаловать, Гости
 
Логин:
Пароль:
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz